Ватан дея йиғлаган кўнглим -
Япроқларда титраган шабнам.
Товонларим тупроқ ўпар жим...
Ботирларнинг қадами шаҳдам!
Қаро тунда оппоқ доғли юз,
Кенг оламга бағишлар чирой.
Осмонингда осиғлиқ ҳануз,
Балдоғимга ўхшар тўлин ой.
Тушларимда кўк кўрпасидан,
Юлдуз сочиб ўтади ҳурлар.
Кўк гумбазнинг қобирғасидан,
Жилоланиб сизади нурлар.
Тиним билмас соат палласи,
Тун кундузга ўрнин берган дам.
Узоқларда оппоқ саллали,
Тоғлар расмин чизади қалам.
Ва исмингни ёздим доналаб,
ВАТАН дедим, илиқлик сездим.
Майсаларнинг сочин шоналаб,
Оғушингда елдайин кездим.
Кўзни олар кўкда мис танга,
Манзил узра борарман шитоб.
Яноқларни бўяб ол рангга,
Сўнгаккача қиздирар офтоб.
Меҳринг- олов, ёндир бу жоним,
Ғам-ғуссамни ёқиб кетайин.
Томирларда кўпирсин қоним,
Тўлқинида оқиб кетайин.
Эркалагин тинмай кафтингда,
О, Ватаним! сезилмасин дард...
То ўлгунча сенинг тафтингда,
Ёнмоқликнинг ўзи катта бахт!
|